O'zbekiston|29/09/2026, 10:09

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ҚАРОРИ 2026 yil « 28 » сентябрь № ПҚ-354

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ   ҚАРОРИ  	2026 yil « 28 » сентябрь                                                     № ПҚ-354

 

Аграр соҳада молиявий қўллаб-қувватлаш самарадорлигини ошириш ва таваккалчиликларни бошқариш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш чораларини кенгайтириш, давлат томонидан ажраладиган субсидияларни аниқ натижа кўрсаткичларига боғлаш, шунингдек, қишлоқ хўжалигида таваккалчиликларни бошқариш ва суғурта механизмларини такомиллаштириш мақсадида қарор қиламан:

I. Қишлоқ хўжалиги субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш

1. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг қуйидаги субсидияларни ажратиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин:

(а) 2026 йил ҳосилида пахта хомашёсининг ҳар бир тоннаси учун (4 ва 5-навли пахта бундан мустасно) 500 минг сўмдан:

(і) қишлоқ хўжалиги субъектларига 2026 йил 31 декабрга қадар биржа савдолари орқали реализация қилганда;

(ii) пахта-тўқимачилик кластерлари ва тўқимачилик корхоналарига қишлоқ хўжалиги субъектларидан биржа савдолари орқали харид қилинган пахта хомашёси учун тузилган шартнома асосида якуний ҳисоб-китоблар қонунчиликда белгиланган тартибда тўлиқ амалга оширилганда;

(б) 2026 йилда ўзига бириктирилган ер майдонларида (иккиламчи ижарага берилган ер майдонлари бундан мустасно) пахта етиштирган пахта-тўқимачилик кластерлари ва улар таъсисчи бўлган корхоналарга пахта етиштирилган ҳар бир гектар ер майдони учун 1,5 миллион сўмдан. Бунда:

(i) Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги бир ой муддатда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тақдим этган контурларда пахта-тўқимачилик кластерлари ва улар таъсисчи бўлган корхоналар ўзига бириктирилган ер майдонларида 2026 йил ҳосили учун пахта хомашёси (30 центнердан юқори) етиштирганлигини космик мониторинг маълумотлари асосида ўрганиб чиқади;

(ii) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳақиқатда экилган майдонлар бўйича тасдиқланган маълумотлар асосида бир ҳафта муддатда субсидия миқдорини ҳисоблаб чиқади ҳамда маблағ ажратиш бўйича ҳисоб-китобларни Аграр соҳада тўловлар агентлигига тақдим этади;

(в) 2027-2029 йилларда чорвачилик хўжаликларига асосий майдонларда озуқа экинлари етиштирилгани учун ҳар бир гектар экин майдонига Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлигининг хулосасига асосан йиллик 500 минг сўм миқдорида;

(г) 2026 йил 1 октябрдан 2027 йил 1 июнга қадар тадбиркорлик субъектларига совутилган мол ва қўй гўштини импорт қилишда, ҳар бир килограмм гўшт учун 2,5 минг сўм миқдорида.

2. Белгилансинки:

(а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 7 апрелдаги "Аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-130-сон қарорига мувофиқ тадбиркорлик субъектларига мол ва қўй гўштини ҳаво транспортида импорт қилишда, ҳар бир килограмм гўшт учун ажратиладиган субсидия миқдори 1,2 АҚШ доллари этиб белгиланади ҳамда ажратиш муддати 2027 йил 1 июнга қадар узайтирилади;

(б) мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган субсидиялар Аграр соҳада тўловлар агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан ажратилади;

(в) Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳисоб-китобларига асосан мазкур қарорнинг 1-бандидаги субсидияларни молиялаштириш учун:

(i) 2026 йилда талаб этиладиган маблағларни республика бюджетининг 2026 йил III чораги якуни бўйича даромадларининг режадан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади;

(ii) 2027 йилда талаб этиладиган маблағлар 2027 йил Давлат бюджети параметрларида инобатга олинишини таъминлайди.

II. Натижага асосланган тизим асосида субсидия ажратиш

3. 2027 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил 1 январга қадар ҳуқуқий тажриба тариқасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларнинг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий etish харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича субсидияни натижага асосланган "Натижавий субсидия" тизими асосида ажратиш тартиби жорий этилсин.

4. Белгилансинки, "Натижавий субсидия" тизими доирасида:

(а) субсидия миқдори уни олувчининг харажатлари билан бир қаторда ҳосилдорлик, маҳсулот сифати, сақлаш, қайта ишлаш ёки экспорт кўрсаткичларининг ошиши, сарфланадиган ресурслар мақбуллаштирилиши, энергия тежамкор қурилма, ускуналар ишлатилиши, Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги тоифаси каби кўрсаткичлар асосида белгиланади;

(б) натижа кўрсаткичларига эришилганлиги инсон омилисиз автоматик равишда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот тизимларидаги маълумотлар асосида тасдиқланади.

5. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

(а) икки ой муддатда субсидия ажратишдан кўзланган мақсад, натижа кўрсаткичлари, натижани баҳолаш мезонлари, маълумотларни тасдиқловчи ахборот манбаларини назарда тутувчи "Натижавий субсидия" тизимининг ҳисоблаш методикасини тасдиқласин ва "Агросубсидия" платформасида тегишли модул яратсин;

(б) 2027 йил 1 ноябрга қадар ҳуқуқий эксперимент ҳолатини таҳлил қилсин ва унинг ижобий натижалари асосида "Натижавий субсидия" тизимини бошқа аграр соҳадаги қўллаб-қувватлаш чораларига татбиқ этиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

(в) 2027 йилдан бошлаб ҳар йили 1 декабрга қадар аграр соҳадаги қўллаб-қувватлаш чораларининг иқтисодий, ижтимоий ва ресурс тежамкорлик самарадорлигини баҳолаб, самарадорлиги паст субсидияларни қайта кўриб чиқиш ёки бекор қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритиб борсин.

6. Аграр соҳада тўловлар агентлиги маблағларнинг қонуний, мақсадли ва самарали сарфланиши, ички назорат тизимининг ишончлилиги ҳамда коррупциявий хавфларнинг олдини олиш тизимини жорий этсин ва бунинг учун Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг умумий штат бирликлари доирасида Агентликка қўшимча 15 та штат бирлиги ажратилсин.

III. Таваккалчиликларни бошқариш тизимини такомиллаштириш

7. Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган қишлоқ хўжалиги корхоналарига етказилган зарарларни тезкор ва холис баҳолаш ҳамда суғурта товонини ўз вақтида тўлаш мақсадида гидрометеорологик кузатув станциялари мавжуд бўлмаган ҳудудларда суғурта ҳодисасини мустақил эксперт хулосаси, халқаро муқобил провайдерларнинг реанализ маълумотлари, сунъий йўлдош тасвирлари ва масофадан кузатув маълумотлари асосида тасдиқлашга рухсат берилсин.

8. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

(а) Қишлоқ хўжалиги суғуртаси жамғармаси билан шартнома тузган ва уч йил давомида суғурта ҳодисаси кузатилмаган қишлоқ хўжалиги корхоналарига тўртинчи йилдан бошлаб суғурта мукофотига 10 фоиздан 20 фоизгача чегирма бериш амалиёти йўлга қўйилади;

(б) суғурта мукофотларининг 3 фоиздан 5 фоизигача бўлган қисми огоҳлантирувчи тадбирлар захирасига йўналтирилади ва ушбу маблағлар қуйидаги харажатларнинг 80 фоизигача қисмини қоплашга сарфланади:

(і) чорвачиликда – вакцинация, профилактика, ветеринария хизматлари ва дори-дармон харид қилиш;

(ii) пахта ва ғаллачиликда – биологик ҳимоя тадбирларини молиялаштириш;

(iii) боғдорчилик ва узумчиликда – дўл ва табиий хавфлар таъсирини камайтирувчи ҳимоя воситаларини ўрнатиш харажатларининг 50 фоиз қисмини, бироқ 5 миллион сўмдан ошмаган миқдорда қоплаб бериш.

IV. Қарор ижросини ташкил этиш, таъминлаш ва назорат

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

10. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қуйидагиларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин:

(а) мустақил эксперт хулосаси, реанализ, метеорологик, сунъий йўлдош ва масофадан кузатиш маълумотларини суғурта ҳодисасини тасдиқловчи расмий далиллар сифатида қўллаш тартибини;

(б) мазкур қарор билан жорий қилинаётган субсидияларни ажратилган ҳамда огоҳлантирувчи тадбирлар захирасини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартибларини;

(в) қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни.

11. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсан жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А. Ходжаев ва Ж.А. Қўчқоров, қишлоқ хўжалиги вазири И.Ю. Абдураҳмонов белгилансин.

12. Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти Тошкент шаҳри

Ш. Мирзиёев

 

✍️ admin