O'zbekiston|28/09/2026, 07:00

«Яшил макон» лойиҳасида янги тизим

«Яшил макон» лойиҳасида янги тизим

«Яшил макон»да янги босқич: маҳаллаларни яшиллаштиришда тизимли ёндашув

Ўзбекистонда «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллаларнинг ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини оширишга қаратилган янги тизим жорий этилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг «“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда маҳаллалар ролини кучайтириш ва ҳудудларнинг яшиллик даражасини тубдан оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-206-сонли Фармони муҳим ҳуқуқий асос бўлди.

Янги тартибнинг эътиборли жиҳати шундаки, кўчат экиш ишлари фақат мавсумий тадбир сифатида эмас, балки тайёргарлик, экиш ва кейинги парвариш жараёнларини қамраб олган тизим асосида ташкил этилади.

Тайёргарлик ишлари 1 октябрдан бошланади

Фармонга кўра, 1 октябрдан республика бўйлаб Тозалик ва озодалик долзарб 2 ойлиги доирасида атроф-муҳитни ободонлаштириш, яшил ҳудудларни белгилаш, ер майдонларини кўчат экишга тайёрлаш ҳамда сифатли кўчат ва буталар захирасини яратиш ишлари бошланади.

Бу жараён кўчат экиш мавсумига олдиндан тайёргарлик кўриш ва мавжуд ҳудудларни мақсадли равишда шакллантиришга қаратилган.

Кўчат экишда ҳудуд шароити инобатга олинади

1 ноябрдан 20 ноябргача кўчат экиш мавсуми ўтказилади. Дарахт экиш ишлари ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиққан ҳолда босқичма-босқич амалга оширилади.

Шу билан бирга, ер майдони чекланган маҳаллалар ва мактаб-боғча ҳовлиларида «маҳалла микроўрмонлари», бетонлаштирилган жойларда эса «жамоатчилик кичик боғлари» ташкил этилади.

Бу ёндашув яшил ҳудудларни мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда ташкил этишни назарда тутади.

Ҳар бир маҳаллага ўрмончи-мураббий бириктирилади

Янги тизимнинг муҳим жиҳатларидан яна бири — 2027 йил 1 январдан «Яшил маҳалла» лойиҳаси доирасида республикадаги ҳар бир маҳаллага Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан алоҳида ўрмончи-мураббий бириктирилишидир.

Уларнинг асосий вазифаси кўчат экиш ва яшил ҳудудларни парваришлаш ишларини илмий асосда ташкил этишдан иборат бўлади.

Шунингдек, «маҳалла еттилиги» масъуллари ҳар бир экиш мавсуми олдидан дарахт ва буталарни тўғри парвариш қилиш, суғориш ҳамда касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича ўрмончи-мураббийлардан қисқа муддатли малака ошириш курсларида таҳсил оладилар.

Янги тизимнинг асосий аҳамияти нимада?

Кўчат экиш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири — дарахтларни экиш билан бир қаторда уларнинг кейинги парваришини тўғри ташкил этишдир. Янги тизимда айнан шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўрмончи-мураббийларнинг маҳаллаларга бириктирилиши кўчатларни тўғри экиш, суғориш ва парваришлаш бўйича масъулиятни тизимли ташкил этиш имконини беради.

Шу маънода, янги тартиб кўчат экиш жараёнини бир марталик тадбир сифатида эмас, балки тайёргарликдан бошланиб, кейинги парвариш ишлари билан давом этадиган узлуксиз жараён сифатида ташкил этишга қаратилган.

Бу эса кўчатларнинг қуриб қолиши, сувсиз ҳудудларга нотўғри экилиши каби камчиликларни бартараф этиш ва ҳар бир дарахтнинг яшовчанлигини таъминлашга хизмат қилади.

✍️ admin