O'zbekiston|09/09/2026, 19:28

2026 йил пахта йиғим-теримини ташкил этиш бўйича

2026 йил пахта йиғим-теримини ташкил этиш бўйича

Т А В С И Я Н О М А

Жорий йилда ҳудудлар шароити ва ғўза пишиб етилишидан келиб чиқиб, ғўза майдонлари 3 гуруҳга ажратилиб, пахта йиғим-терим ишлари ташкил этилади. 1-гуруҳ эртаги майдонлар – этефон таркибли препаратлар қўлланилган, юмшоқ таъсир этувчи (тидиазурон + диурон) дефолиантлар билан дефолиация тадбирлари ўтказилган ҳамда десикация ишлари ташкил этилиб, пахта майдонлари 100 фоиз очилган ва ғўзапоялари тўлиқ қуриган ғўза майдонларида пахта йиғим-терим ишларига киришиш тавсия этилади.

2-гуруҳ ўртаги майдонлар – этефон таркибли препаратлар қўлланилган, юмшоқ таъсир этувчи (тидиазурон + диурон) дефолиантлар билан дефолиация тадбирлари ўтказилган майдонларда 3-босқич десикация ишлари амалга оширилиб, ғўза майдонлари тўлиқ теримга тайёр бўлгандан сўнг, пахта йиғим-терим ишларини бошлаш зарур. Бунда, ғўза барглари тўлиқ тўкилиб, пахталар 100 фоиз очилган ва ғўзапоялар тўлиқ (қарсиллаб) қуриган майдонларда пахта йиғим-терим ишлари амалга оширилади.

3-гуруҳ кечки майдонлар – этефон таркибли препаратлар сепилиб 5-7 кундан сўнг, юмшоқ таъсир этувчи аугрон дефолиантига 1 литр этефон қўшиб дефолиация тадбирлари ўтказилади ҳамда 10 кундан кейин, десикация тадбирларини амалга ошириш шарт. Бунда, 3 босқичли дефолиация ва десикация тадбирлари тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши ҳисобига кўсаклар тўлиқ очилиб, барглар тўкилган ҳамда ғўзапоялари қуриган ғўза майдонларида пахта йиғим терим ишларини бошлаш зарур бўлади.

Шундан келиб чиқиб, ҳар бир туман ғўза пишиб етилишини таҳлил қилган ҳолда ғўза майдонларини 3 гуруҳга ажратиб, пахта йиғим-терим ишларини тизимли ташкил этиши зарур. Ушбу босқичларга тўлақонли амал қилинганда ҳосил ёғин-сочинли кунларга қолдирмасдан, босқичма-босқич пахта йиғим-теримига киришилади, машина терими сифати ва салмоғи юқори бўлади, ҳосилдорлик 15-20 фоизгача ошади ҳамда пахта етиштирувчилар томонидан пахта хом ашёси юқори навларга сотилиб, пахта етиштирувчиларнинг даромади ошишига замин яратилади.

✍️ admin